Формула-1 пойгаларининг етти карра чемпиони Михаэль Шумахернинг рафиқаси Коринна Шумахер Норвегиянинг Трюиле ҳудудида жойлашган оилавий уйини қарийб 3 миллион доллар эвазига сотди, деб хабар бермоқда «Abcnyheter.no».
Шунингдек, Шумахер 2000 йилда ўзининг учинчи чемпионлигига эришганда фойдаланган Ferrari F-2000 болиди, Falcon 2000EX шахсий самолёти ҳам сотувга қўйилган. Шу тариқа спортчининг оиласи унинг даволаниши харажатларини қоплашга уринаётгани айтилган. ОАВ маълумотларига кўра, Шумахернинг тикланиши учун ҳозиргача 15,3 миллион доллардан ортиқ маблағ ишлатилган.
Эслатиб ўтамиз, спортчи 2013 йилнинг охирида Алп тоғларида чанғидан йиқилиб, ўта оғир жароҳат олган эди. У олти ой сунъий кома ҳолатида ётди. 2014 йил сентябрида эса Женева кўли бўйидаги уйига олиб келиниб, тикланиш муолажаларини олишни бошлади.
Қайд этилишича, Шумахер ҳозирда тўлиқ тўшакка михланиб қолмаган, у муолажалар орасида дераза олдида ўтириши мумкин. Шунингдек, у қариндошларини таний бошлаган, бироқ юз мушакларидан олган жароҳати боис гапира олмайди.
Изоҳ (0)