2015 йил 10 февраль куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатган номзодини рўйхатга олиш учун зарур ҳужжатлар тақдим қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, ЎзХДП ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига мувофиқ қонунда белгиланган муддатда партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш жараёни якунланди.
Партия вакиллари томонидан сиёсий партия раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига аризаси, сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тақдим этилди.
Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.
Ҳозирги кунда Марказий сайлов комиссиясида имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича ишчи гуруҳлари ўз ишини давом эттирмоқда. Уларнинг таркибида Марказий сайлов комиссияси аъзолари, жамоат ташкилотларининг вакиллари, ички ишлар, адлия органларининг мутахассислари бор.
Изоҳ (0)