2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Новоапостол черковининг Берлин-Бранденбург округи раҳбари Вольфганг Надольни билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонни қўмита раиси О.Юсупов қабул қилди. Бу ҳақда қўмитанинг расмий сайтида хабар берилди.
О. Юсупов меҳмонни Ўзбекистонда яна бир бор қабул қилишдан мамнун эканлигини маълум қилиб, унга охирги учрашувдан сўнг ўтган вақт ичида диний соҳада бўлиб ўтган янгиликлар хусусида қисқача сўзлаб берди.
В. Надольни ўзининг Ўзбекистонга ҳар бир ташрифи давомида янги-янги ўзгаришларнинг гувоҳи бўлаётганлигини таъкидлаб, Ўзбекистондаги диндошларининг ўз ибодатларини эмин-эркин амалга ошириш имконига эга эканлигидан қувонганини айтиб ўтди.
Шунингдек, В. Надольни Республикага олиб кирилган адабиётлар орасида новоапостол черковининг асосий манбаларидан бўлган «Катехизис» китобидан диндошлари фойдаланиш имкониятига эга бўлганлиги ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда диний соҳада яратиб берилган эркинликларнинг ёрқин мисоли эканлигини таъкидлаб ўтди.
О. Юсупов меҳмонга Ўзбекистонда диний соҳада, хусусан, динлараро тотувлик йўлида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил сўз юритилган ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Ўзбекистон — бағрикенг диёр» номли махсус тайёрланган китобни совға қилди.
Ўз навбатида В. Надольни диндорларга яратилаётган шароит, эркинликлар ҳамда кўрсатилаётган ҳар томонлама ёрдам учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.
Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Изоҳ (0)