Хитойнинг миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) ва «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси Марказий Осиё — Хитой газ қувурининг Ўзбекистон қисми тўртинчи бўлагини 800 миллион долларга баҳолади. Бу ҳақда CNPC вакилига асосланган «РИА Новости»га таяниб, «Kun.uz» хабар бермоқда.
Марказий Осиё — Хитой газ қувурлари тизимидаги бўлаклар ичида энг кичик бўлган бу 200 километрлик қувурлар қурилиши 2015 йилнинг иккинчи ярмида бошланади.
Тўртинчи бўлакнинг қурилиши билан Ўзбекистондаги мавжуд газ қувурлари инфратузилмаси ҳозирги вақтда Тожикистонда қурилиши давом этаётган қисм билан уланади. Маълумот учун, Марказий Осиё — Хитой газ қувурларининг ушбу янги линияси беш мамлакат — Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Хитой ҳудудидан ўтади.
Умуман, Марказий Осиё — Хитой газ қувурлари қурилиши 2008 йил бошланган бўлиб, унинг биринчи навбати 2009 йилда фойдаланишга топширилган. Унинг умумий узунлиги 7 минг километрга тенг бўлиб, Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрига қадар давом этади.
Маълумот учун, 2008 йил «Ўзбекнефтгаз» ва CNPC ўртасида тузилган Asia Trans Gas қўшма корхонаси 2,2 миллиард доллар эвазига газ қувурнинг Ўзбекистондаги қисми учинчи линиясини қурилишини 2014 йил декабрида якунлаган эди.
Изоҳ (0)