Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Гольф ассоциациясининг навбатдан ташқари конференцияси ўтказилди, дея хабар берди UzReport. Унда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, Республика Гольф ассоциациясининг масъуллари ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Йиғилишда олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаган гольф спорт турининг мамлакатимизга кириб келиш тарихи, ўтган давр мобайнида спортнинг ушбу турини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Конференцияда Ўзбекистон Гольф ассоциациясини Ўзбекистон Гольф федерациясига айлантириш таклифи берилди. Ушбу таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Гольф федерациясининг янги раҳбарияти сайланди. Унга кўра Фёдор Ким Республика Гольф ассоциацияси раиси, Сардор Мирзакаримов раиснинг биринчи ўринбосари, Евгений Ли эса раис ўринбосари этиб бир овоздан сайланди. Ўзбекистон Гольф федерациясининг бош котиби этиб Ихтиёр Йўлдошев сайланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Гольф федерациясининг янги Низоми ҳам тасдиқланди.
Изоҳ (0)