2014 йил 25 декабрь куни Республика матбуот марказида Ўзбекистон ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида хабар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўринбосари С. Артикова тадбирда сўзлаган нутқида 21 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов миллий сайлов қонунчилиги талабларига, унда мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик каби демократик тамойилларга тўлиқ мос ҳолда ўтказилганини қайд этди.
«Буни Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган бешта халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссияларининг сайлов якунлари бўйича баҳолари, қолаверса, хорижий мамлакатлар кузатувчиларининг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларидаги эътирофи ҳам тасдиқлайди, — деди Артикова. — Энг муҳими, сайловчилар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча шароитлар мукаммал яратилганини эътироф этишди».
Шунингдек, Артикова қайд этишича, Марказий сайлов комиссиясига сайлов якунларига таъсир қилиши мумкин бўлган сайлов тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги юзасидан маълумот ва мурожаатлар тушмаган.
Изоҳ (0)