Тошкент шаҳрида юридик шахсларнинг номлари ва рамзларида давлатнинг расмий номидан фойдаланишга оид тартиб-қоидаларга бағишланган семинар ўтказилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда ҳуқуқшунослар, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Семинарда юридик шахсларнинг номларини тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада давлат томонидан зарур чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 октябрдаги «Юридик шахсларнинг номлари ва рамзларида давлатнинг расмий номидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шу мақсадга хизмат қилмоқда. Мазкур қарорда «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» номларидан, шунингдек, улардан ҳосила сўзлардан ўз номлари ва рамзларида фойдаланиш ҳуқуқига эга юридик шахслар белгиланган.
Қарор талабларини амалда таъминлаш мақсадида Юридик шахсларнинг номига давлатнинг расмий номини, шунингдек, ундан ҳосила сўзларни қўшиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома ишлаб чиқилди. Унда давлатнинг расмий номини, шунингдек, ундан ҳосила сўзларни қўшиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг адлия органларига мурожаат этиши тартиби ва муддатлари белгиланди.
Тадбирда мазкур қарор мазмун-моҳияти, йўриқномадан фойдаланиш тартиби бўйича батафсил тушунтириш берилди.
Изоҳ (0)