CNN телеканали «Марказий разведка бошқармаси маърузасидаги 10 та энг даҳшатли қийноқлар» рейтингини тузди, дея хабар бермоқда «РИА Новости». Унда маҳбусларни қийнаш ва камситишнинг турли усуллари санаб ўтилади.
АҚШ сенатининг разведка бўйича қўмитаси 9 декабрь куни МРБнинг террорчиликда гумон қилинганларни ҳибсга олиш ва сўроқ қилиш бўйича дастури ҳақидаги 6 минг саҳифали маърузанинг 500 саҳифали қисқартирилган версиясини эълон қилди.
CNN «антирейтинг»ида МРБ агентлари томонидан маҳбусларнинг саҳналаштирилган қатли етакчилик қилди. Кейинги ўринни «шафқатсиз истило» эгаллади, унда агентлар маҳбуснинг камерасига бостириб кириб, кийимларини ечиб, узун йўлакдан судраб ўтган ва калтаклаган.
Шунингдек, МРБ қўлга олинганларга нисбатан уларни 180 соатгача уйқудан маҳрум қилиш, сувга чўктиришни саҳналаштириш, оила аъзоларини зўрлаш ёки ўлдириш билан таҳдид қилиш каби қийноқларни қўллаган.
Яна бир маҳбусни эса қоп-қоронғи хонада сақлаб, унга бемаза егулик беришган, камерадаги ҳароратни пасайтириб, тун-у кун боши устида мусиқа янгратишган. Уни икки кун давомида суткасига 22 соатдан қўлини кишанлаб, осиб қўйишган.
CNN журналистларини ҳайратга солган нарсалардан яна бири — бундай маҳбусларнинг барчаси ҳам реал хавф келтириши мумкин бўлмаган. Масалан, 2002 йилда қўлга олинган «террористик фитна» иштирокчилари бойитилган уран асосида бомба ясамоқчи бўлган. Бироқ улар уранни бойитиш ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган.
Изоҳ (0)