Наманган вилояти Норин туманида «Бахт уйи» ва туман давлат нотариал идорасининг янги биноси фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган мазкур ижтимоий объектларнинг очилиш маросимида Президент раҳнамолигида миллий менталитет асосида яратилган оила институтининг ҳуқуқий асослари ва азалдан миллий қадриятлар ўчоғи бўлган оиланинг жамият мустаҳкамлиги ва мамлакат тараққиётида тутган ўрни алоҳида таъкидланди.
«Конституциямизнинг 63-моддасида ‘Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади’, деб белгилаб қўйилган, — деди вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев. — Мазкур ‘Бахт уйи’ ҳамда нотариал идора Бош қомусимизнинг оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган ана шу кафолатини ҳимоя қилиш ва аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади».
Миллий ва замонавий меъморлик андозалари асосида бунёд этилган янги биноларда барча шароит яратилган. Бахт уйининг тантаналар зали, архив ва бошқа маиший-хўжалик хоналари замонавий жиҳозланган.
Шу куни янги бинода Маҳбуба ва Жаҳонгир Саримсоқовнинг никоҳлари қайд этилиб, уларга никоҳ гувоҳномалари топширилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б. Юсупов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)