Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмоқчи бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёз берилади. Бу Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 2014 йил 4 декабрдаги Қонунда (pdf) кўзда тутилган.
Ушбу қонун орқали Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлайди.
«Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, ушбу санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб 12 ой ичида фаолият тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади», — дейилади ҳужжатда.
Ушбу қонун 2015 йил 1 январдан кучга киради.
Изоҳ (0)