У ҳали беш ёшда, лекин у ижтимоий тармоқда кўпларнинг меҳрини қозонган, унинг Instagram’даги «фолловер»лари сони бир миллиондан кўп ва бу миқдор кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу ҳақда Daily Mail ахборотига таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Жажжи Бренна Юн ҳашаматли ҳаёт муҳитида ва кундан-кун кўпаяётган мухлислари совғалари қуршовида яшайди. Совғалар орасидан Louis Vuitton сумкалари, Chanel ва Tiffany заргарлик буюмлари-ю, қиммат шоколад ва печеньелар ҳам ўрин олган.
Қайд этилишича, у лимузинларда сайр қилади, бизнес-классда дунё кезади.
Бреннанинг отаси жанубий кореялик, онаси эса филиппинлик бўлиб, улар Дубайда истиқомат қилади. Онаси Facebook’да қизалоқнинг суратини қўйганидан бери Бренна машҳур бўлиб кетди. Бундан етти ой муқаддам Instagram’да қизалоқ учун OfficialBreannaYoun саҳифаси очилгач эса Бренна росманасига «порлади».
Бренна Instagram’даги мухлислари сони бўйича One Direction гуруҳи хонандаси Зайн Маликка (Маликнинг 1,2 миллион «фолловер»и бор) етиб олиши мумкин.
Баъзи Instagram’дан фойдаланувчи ота-оналар Бреннани ўз фарзандларидан ортиқроқ яхши кўришларини шарҳ сифатида қолдираётган бўлса, баъзилар Бреннанинг ота-онасини қизалоқдан ўз ҳашамдор ҳаётларини намойиш қилишда фойдаланаётгани учун танқид қилмоқда.
Изоҳ (0)