Каталонияда вилоятнинг Испания таркибидан ажралиб чиқиши масаласида ўтказилган сўровнома якунлари олиб борилмоқда. Дастлабки маълуомтларга кўра, сўровнома иштирокчиларининг 80 фоизи мустақил Каталония учун овоз берган. Бу ҳақда La Vanguardia’га асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.
Сўровномага икки савол қўйилганди: «Каталония давлат бўлишини хоҳлайсизми?» ва, агар сўровномада иштирок этувчи ижобий жавоб берса, иккинчи савол: «Ушбу давлат мустақил бўлишини хоҳлайсизми?». Ҳар иккала саволга ҳам фақат «Ҳа» ёки «Йўқ» деб жавоб бериш мумкин эди.
Бюллетенларнинг 88 фоизи қайта ишлаб бўлинганидан сўнг, сўровномада иштирок этганларнинг 80 фоизи ҳар иккала саволга ҳам ижобий жавоб берганликлари маълум бўлди.
10 фоиз иштирокчи «Ҳа – Йўқ» кетма-кетлигидаги жавоб берган бўлса, вилоятнинг 4,5 фоиз аҳолиси Каталониянинг алоҳида давлат бўлишига қарши чиққан, 1 фоизи эса фақат биринчи саволга ижобий жавоб бериб, иккинчисини жавобсиз қолдирган.
Аввалроқ, Каталония раҳбари Артур Мас икки миллионга яқин одам иштирок этган ушбу сўровномани муваффақиятли деб атади. У Испания бош вазири Мариано Раҳойдан расмий референдум ўтказилишига рухсат беришни талаб қилди.
Изоҳ (0)