Пхеньянга америкалик фуқароларни ҳибсдан озод қилишга эришиш мақсадида келган АҚШ миллий разведкаси директори Жеймс Клэппер КХДР ҳукуматига АҚШ президенти Барак Обама томонидан Ким Чен Ин учун ёзилган мактубни топширди. Бу ҳақда CNN телекомпаниясига таяниб, ТАСС хабар бермоқда.
Хабарга кўра, хат қисқа ва лўнда бўлган. Унда Клэппер Обаманинг «шахсий элчиси» эканлиги ҳам айтилган.
CNN Америка маъмуриятига таяниб таъкидлашича, Клэппер Ким Чен Ин билан юзма-юз учрашмаган. Унинг Шимолий Корея ҳукумати аъзолари билан музокаралари фақат АҚШ фуқаролари Кеннет Бей ва Мэтью Тод Миллерни Америкага қайтариш билан боғлиқ бўлиб, КХДР ядро дастурига тегишли бўлмаган.
Телекомпания маълумотларига кўра, КХДР ҳукумати кутилмаганда АҚШ ҳукумати билан боғланиб, Бей ва Миллерни озод этиш бўйича масалани муҳокама қилиш учун маъмурият аъзоларидан бирини юборишни сўрагач, Клэппер Пхеньянга ташриф буюрган.
Изоҳ (0)