Жанубий Кореяда чўкиб кетган «Севоль» пароми эгаси Ю Бен Йоннинг ўғли ва икки укасини порахўрликда айблаб суд қилишди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.
Ю Бен Йоннинг тўнғич ўғли ўғрилик учун уч йилга озодликдан маҳрум этилди. «Севоль» хўжайинининг укаларидан бири икки йилга, иккинчиси эса шартли муддатга қамалди.
Ю Бен Йоннинг ўзи «Севоль» чўкиб кетганидан сўнг қочиб кетган эди. Июль ойида унинг жасади мамлакат жанубидаги даладан топилган эди. Бизнесменнинг ўлими сабаблари маълум қилинмаяпти.
Тергов версиясига кўра, кема эгаларининг қонунга риоя қилмагани «Севоль» ҳалокатининг сабабларидан бири бўлган. Хусусан, улар паромга меъёридан ошиқ юк ортилишига йўл қўйиб, хавфсизлик қоидаларини бузган.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 16 апрель куни бортида экипаж аъзолари ва 476 йўловчи бўлган «Севоль» пароми Корея ярим оролининг жануби-ғарбида чўкиб кетган эди. Натижада 295 киши ҳалок бўлган, бир неча киши бедарак йўқолган, деб эълон қилинган.
Изоҳ (0)