Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан мамлакатдаги барча темирйўл ходимларига қутлов йўллади. Табрикнинг тўлиқ матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинди.
«Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда юртимиздаги барча темирйўл ходимларини мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — ‘Ўзбекистон темир йўллари’ давлат-акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги билан чин қалбимдан табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди», — дейилади табрик бошида.
Ислом Каримов қайд этганидек, Ўзбекистон темир йўллари ўзининг 20 йиллик тарихи давомида мураккаб шаклланиш ва жадал ривожланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда юртимизнинг барча минтақаларини ишончли боғлаш учун бамисоли қон томирлари каби ҳаётий зарур бўлган темир йўл транспорти коммуникацияларининг мустақил, ягона ва яхлит тизими сифатида самарали фаолият кўрсатмоқда.
«Барчамизга аёнки, компаниянинг, бутун темирйўл тармоғининг келажаги аввало соҳага замонавий билимга эга, илғор технологияларни пухта ўзлаштирган, ўз касбига содиқ, Ватанимизга фарзандлик меҳри билан яшайдиган ёш мутахассис ва ишчиларни кенг жалб этиш билан бевосита боғлиқдир. Юртимиздаги олтита касб-ҳунар коллежи ва Тошкент темирйўл транспорти институтини ҳар йили уч мингдан зиёд ёш мутахассислар аниқ касб йўналиши бўйича битириб чиқиб, ҳаётга йўлланма олаётгани мамлакатимиз темирйўл транспортининг келгуси тараққиёти учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда темирйўлчилик касби мамлакатимизда ёшлар ўртасида қизиқиш ва талаб энг катта бўлган, шарафли касбга айланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Сизларни бугунги қутлуғ айём билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, фидокорона меҳнатингиз, Ватанимиз равнақи ва фаровонлигига қўшаётган муносиб ҳиссангиз учун самимий миннатдорлик билдириб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман. Сизларга ва оилаларингизга тинчлик, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, эзгу ишларингизда янги-янги муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман», — дейилади қутловда.
Изоҳ (0)