Ўзбекистон фуқароси Россияда «Спартак» футбол клуби мухлисини ўлдиришда айбланиб, 7 йил-у 3 ойга муддатни қаъий режимдаги колонияда ўташ шарти билан озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Тергов қўмитасига таяниб, Interfax хабар берди.
Бундан ташқари, суд Ўзбекистон фуқаросига жабрланувчиларга 1 миллион рубль тўлаш мажбуриятини юклади.
Тергов маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедов ва Леонид Сафьянников ўртасидаги жанжал 2014 йил 13 май куни Подмосковьедаги Пушкино темир йўл станцияси яқинида содир бўлган. Улар парковка туфайли келишмай қолган: мухлиснинг машинаси Аҳмедовнинг автомобилига чиқиб кетиш учун халал берган.
Жанжал чоғида Аҳмедов Сафьянниковнинг бошига бир неча марта зарба берган, шундан сўнг у ерга йиқилган. Аҳмедов автоҳалокат саҳнасини уюштириш мақсадида Сафьянниковнинг машинасига ўтиради ва 20 метрча юриб, симёғочга бориб урилади.
Тергов жиноий иш очиб, Аҳмедовга нисбатан айблов эълон қилиб, сиртдан ҳукм чиқарди. Муштлашувдан сўнг Ўзбекистонга қайтишга улгурган жиноятчи у ерда қўлга олинди.
Изоҳ (0)