Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳридаги 160 та чорраҳага видеокамералар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Podrobno.uz Чилонзор тумани ҳокими ўринбосари Сайфулла Аҳмедовга таяниб хабар беришича, шуларнинг 17 таси ушбу туманда жойлашган. Чорраҳаларнинг 8 тасида дастлабки ишлар амалга оширилиб бўлинган ва яқин орада видеокамералар ўрнатилади.
Сайфулла Аҳмедовнинг таъкидлашича, шаҳарда йўл ҳаракатини кузатиш учун мўлжалланган камералардан ташқари, маиший мақсадларда ҳам камералар ўрнатиш ҳоллари кўп учрамоқда. 2012 йилдаги низомга мувофиқ ҳокимият бино олд қисмига камера ўрнатилмаган объектлар қурилишига рухсат бермаслик ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари кўп хонадонли уйларда истиқомат қилувчилар ҳам уй ташқарисига ёки зина майдонига бундай камераларни ўрнатмоқда. Ҳоким ўринбосари сўзларига кўра, бу тартиббузарларни аниқлашда қўл келмоқда.
Таъкидлаш жоиз, сўнгги бир неча ой ичида Тошкентдаги чорраҳаларга кузатув тизимини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Камералар ва диспетчерлик маркази ўртасида алоқа ўрнатиш учун «Ўзбектелеком» АК алоқа линияларини ўтказмоқда.
Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигининг компьютерлашган тизимини Швейцариянинг AGT International корпорацияси жорий қилмоқда.
Камераларни аввал Тошкентда, сўнг Самарқандда, ундан кейин эса бутун республика бўйлаб ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Дастлаб Тошкентдаги 120 та чорраҳага камералар ўрнатиш ва бунинг учун 1200 та камера сотиб олиш кўзда тутилган эди. Якунда камера билан жиҳозланадиган чорраҳалар сони 160 тагача кўпайтиргани хабар қилинди.
Изоҳ (0)