Ер шари аҳолиси яқин соатларда Қуёшнинг қисман тутилишини кузатишлари мумкин. АҚШ, Канада ва Мексика аҳолиси 23 октябрь, пайшанба куни, Россияда эса Узоқ Шарқ аҳолиси 24 октябрь, жума куни мазкур ҳодисанинг гувоҳи бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳудудидан ушбу тутилишни кузатиш мумкин бўлмайди. Бу ҳақда NASA'га таянган ҳолда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Олимларнинг огоҳлантиришича, Қуёш тутилиши вақтида унга ҳимоя воситаларисиз боқиш хавфсиз эмас. Бу астрономик ҳодиса вақтида Ой Қуёшни қисман ёки тўлиқ ёпишига қарамай, Қуёш барибир ёруғлигича қолади.
Аввалги Қуёш тутилиши 29 апрелда кузатилган бўлиб, у ҳалқа кўринишида бўлган. Бундай тутилишда Ойнинг диаметри Қуёшдан кичикроқ бўлиб кўринади ва Ой Қуёшни тўлиқ ёпмайди.
Кейинги Қуёш тутилиши 2015 йилнинг 20 мартида кузатилади ва унда тўлиқ тутилиш бўлиши кутилмоқда. Бунда уни қисман Европа, Марказий Осиё ва Россиянинг ғарбий қисмидаги аҳоли кўриши мумкин.
Изоҳ (0)