Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган ПараОсиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари делегация хазинасини олтин медаллар билан бойитишда давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Енгил атлетиканинг 4х100 метр масофага югуриш (Т11-13) бўйича ўтказилган мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар Миран Сахадов, Дониёр Солиев, Улуғбек Чориев ва Фахриддин Ҳамроев тўртлиги энг юқори натижани (44:25 сония) қайд этиб, ПараОсиё ўйинларининг 21 олтин медалини делегация ҳисобига ёзиб қўйди. Мазкур мусобақада Таиланд жамоаси иккинчи (44:26 сония), индонезияликлар эса учинчи (46:66 сония) ўринни эгаллади.
Шу тариқа, Ўзбекистон енгил атлетикачилари томонидан қўлга киритилган медаллар сони 12 тага — еттита олтин, учта кумуш, иккита бронзага етди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ПараОсиё — 2014 ўйинларининг сузиш мусобақаларида иштирок этган Ўзбекистон вакиллари Кирилл Панков (тўртта) ва Дмитрий Хорлин (учта) жами еттита олтин медалга сазовор бўлган бўлса, дзюдо усталари жами тўққизта медаль (еттита олтин, битта кумуш, битта бронза)ни қўлга киритди.
Айни дамда Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 21 та олтин, тўртта кумуш, учта бронза медали мавжуд. Умумжамоа ҳисобида эса Ўзбекистон 41 та давлат орасида 5-ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2010 йили Гуанчжоу (Хитой)да бўлиб ўтган ПараОсиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар битта олтин, иккита кумуш, учта бронза медалига сазовор бўлган.
Изоҳ (0)