2014 йилнинг 20 октябрида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига БМТ Тараққиёт Дастури бошқаруви раиси Хелена Кларк бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Делегация БМТТД ноиблари Мартин Харт-Хансен ва Жен Харфст, Ўзбекистондаги БМТ ваколатхонасининг раҳбари, БМТТДнинг доимий вакили Стефан Признер, Ўзбекистондаги БМТТДнинг доимий вакили ўринбосари Фарид Караханов, Ўзбекистондаги БМТТД лойиҳаси раҳбари Баҳодир Айюпов, БМТТД хавфсизлиги бўлими вакили Азиз Рўзиқулов, таржимонлар Аҳрор Аскаров ва Алишер Хошимовлардан иборат бўлди.
Ташриф давомида меҳмонларни Миллий кутубхона билан яқиндан таништириш мақсадида уларга экскурсия ташкил этилди. Меҳмонлар маълумотхона ва рўйхатга олиш хизматлари, «Китоб музейи», кўргазмалар зали, ўқув заллари ва у ерда фойдаланувчиларга яратилган шароитлар билан танишдилар. Кутубхонада жорий қилинган ахборот-коммуникация технологиялари ва кутубхонанинг замонавий жиҳозланиши меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Имконияти чекланган фойдаланувчилар учун алоҳида жиҳозланган ўқув залида яратилган шароитлар (айниқса, Брайль алифбоси асосидаги компьютер) меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Миллий кутубхонанинг ноёб дурдоналари ҳисобланган нодир ва қўлёзма асарлар фонди, маданий ёдгорликларни сақлаш ишлари, ҳамда нодир асарлар коллекцияси намойиш этилди. Меҳмонларга ноёб китобларни реставрация қилиш ишлари амалда кўрсатиб берилди.
Меҳмонлар «Сканерлаш ва рақамлаштириш хизмати»га ҳам ташриф буюрди. Улар турли форматлардаги босма нашрларни сканерлашга ихтисосослашган жиҳозлар ва рақамлаштирилган нашрларнинг электрон версиялари сифати билан танишди.
Кларк хоним Миллий Кутубхона раҳбариятининг ўзбекона меҳмондўстлигини таъкидлаш баробарида БМТТД лойиҳаси учун ажратилган махсус ўқув зали учун ташаккур билдирди.
Ташриф сўнгида БМТТД бошқаруви раиси Хелена Кларк Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди.
Изоҳ (0)