Ғарб санкциялар киритганига қарамай, «жиддий хорижий инвесторлар» ҳамон Россияга инвестиция киритишга тайёр. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин ВТБ инвестицион форумида сўзлаган нутқида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Euronews.
У Россия иқтисодиёти хорижий шериклар учун очиқ бўлиб қолишини таъкидлади: «Ҳа, шароитлар ёмонлашди, бироқ бу биз учун ресурсларни бир жойга тўплаш ва энг яхши ечимларни танлашга туртки бўлди. Лотин Америкаси, Осиё-Тинч океани минтақасидаги давлатлар, БРИКС бўйича ҳамкасбларимиз билан савдо, инвестицион, технологик алоқаларни чуқурлаштириш энг биринчи мақсадларимиздандир».
ВТБнинг анъанавий форуми рубль қадрсизланаётган ва капитал чиқиб кетаётган бир пайтда бўлиб ўтмоқда. Иқтисодий тараққиёт вазирлиги прогнозларига кўра, бу йил Россиядан оқиб чиқиб кетадиган маблағ 100 миллиард доллардан ошиб кетиши мумкин. Шу ҳафтада бунга жавобан Россия ҳукумати капитал ва валютанинг эркин ҳаракатланишини чеклашга тайёрланаётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Путин бундай гап-сўзларни рад этди ва йиғилганларни «валютавий тебранишларга қарамай, Россия иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаб турувчи фундаментал омиллар жуда кучлилиги»га ишонтирди. Путин сўзларига кўра, Россия Хитой ва бошқа шериклар билан ташқи иқтисодий ҳисоб-китобларда миллий валютага фаол равишда ўтмоқчи.
Изоҳ (0)