Consumer Reports журнали iPhone 6, iPhone 5, HTC One (M8), LG G3 ва Samsung Galaxy Note 3 смартфонлари устида Stress Test – букилувчанлик синовини ўтказди. Бу ҳақда LookAtMe маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Синовга кўра смартфонларнинг учта ҳар хил нуқталарига юк қўйилиб, куч билан тасир кўрсатилди. Синов 4,54 кг юк қўйиш билан бошланди ва ҳар 30 сонияда юк оғирлиги яна 4,54 килограммга орттириб борилди. Шундан сўнг, смартфонларнинг неча килограм юк қўйилганда букилиши ва синиши ҳамда дисплейи корпусидан ажралиши кузатилди.
Натижаларга кўра iPhone 6 смартфони 31,75 килограмм юкдан сўнг букилган ва 45,36 килограммда синган. iPhone 6 Plus планшетофони эса бироз мустаҳкамроқ экан, у 40,82 килограммда букилди ва 49,9 килограмм юк қўйилганда синди. iPhone 5 смартфони эса 58,97 килограммда букилиб, 68,04 килограммда синган.
LG G3 смартфони 58,97 килограмм юк қўйилганда букилди ва синди. Энг «нимжон» смартфон HTC One (M8) бўлган, у 31,75 килограммда букилиб, 40,82 килограммда синган. Энг мустаҳкам смартфон эса Samsung Galaxy Note 3 бўлди, у 68,04 килограмм оғирликдаги юкдан сўнг букилган ва синган.
Аммо Galaxy Note 3 синганидан сўнг қайтиб ишламаган. Бошқа смартфонлар эса ишлашда давом этаверган. Текширув ўтказаётганлар синган смартфонлар ёрдамида ҳатто қўнғироқ қила олишган.
Аввалроқ, The Verge нашрининг фото-репортажи сабаб, Apple гаджетлари синовдан ўтказиладиган бинога саёҳат қилинган эди. Унда таъкидланишича, iPhone’лар 25 килограмм юк билан букилувчанлик синовидан ўтказилади.
Шунингдек, iPhone 6 Plus смартфони осон букилиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалганида, кўпчилик компаниялар Apple’ни масхара қила бошлаган эди.
Изоҳ (0)