18 сентябрь, пайшанба куни Украина президенти Пётр Порошенко АҚШ конгресси палаталарининг биргаликдаги мажлисида нутқ сўзлади. Уни минбарда узоқ олқишлар билан қарши олишди, дея хабар берди BBC.
Америкалик конгрессменларга мурожаат қилар экан, Порошенко Россия хатти-ҳаракатларининг бутун дунёга солаётган хавфи тўғрисида огоҳлантирди ва Америкадан Украинани мушкул аҳволда ташлаб қўймасликни сўради.
Шунингдек, у Киев кўчаларида уч ой давом этган қарама-қаршиликда қўллаб-қувватлагани учун АҚШга миннатдорлик билдирди, Россияга қарши киритилган санкциялар аҳамиятини алоҳида таъкидлади ва Америкадан уларни қўллашда «ғайратлироқ» бўлишни сўради.
Бундан ташқари, Порошенко Украина армиясига қурол етказиб бериш зарурати борлигини айтиб ўтди.
«Украина ҳарбийларига кўпроқ ҳарбий жиҳозлар керак. Қурол-яроғ ва кийим-бош. Биз урушни кўрпалар билан енга олмаймиз», — деди у.
Порошенконинг сўзларига кўра, 5 сентябрь — яраш сулҳи эълон қилинганидан буён мамлакат шарқида 17 нафар украин ҳарбийлари ҳалок бўлган.
У Украина НАТОдан ташқарида АҚШнинг алоҳида иттифоқдоши мақомини олишга умид қилаётганини таъкидлади.
Изоҳ (0)