Mail.Ru Group бош директори Дмитрий Гришиннинг таъкидлашича, «ВКонтакте» ва «Одноклассники» тармоқлари бирлашмайди. Бу ҳақда Mail.ru хабар берди.
«‘Одноклассники’ ва ‘ВКонтакте’ турли тарих, аудитория ва механикага эга. Уларни бирлаштиришдан ҳеч қандай маъно йўқ, бу иккала лойиҳага ҳам салбий таъсир қилган бўларди», — деди у.
Гришиннинг ишонч билдиришича, ушбу икки лойиҳа ўз фарқларига таянган ҳолда бир-бири билан рақобатлашишда давом этиши керак. «Mail.Ru’нинг ўзида ҳам ўзаро рақиб бўлган лойиҳалар талайгина. Биз бундай рақобатни фақат қўллаб-қувватлаймиз», — дея қўшимча қилди у.
Mail.Ru Group бош директори «ВКонтакте» жамоаси ўз ўрнида қолишини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 16 сентябрь куни Mail.Ru компанияси «ВКонтакте»нинг қолган 48,01 фоиз акцияларини ҳам сотиб олди. Шу тариқа, Mail.Ru «ВКонтакте» акцияларига тўлиқ эгалик қилди. UCPнинг акциялари пакети Алишер Усмоновга 1,47 миллиард долларга тушди.
Изоҳ (0)