Украина Олий Радасида Донбасснинг алоҳида мақоми ҳақидаги қонунни 277 депутат, низо иштирокчиларига амнистия бериш ҳақидаги қонунни эса 287 депутат қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
«Свобода» ва «Баткившчина» фракциялари депутатларининг бир қисми овоз беришда қатнашишдан бош тортди.
Украина шарқидаги айирмачилар вакиллари ушбу қонунларни ўрганиб чиқишларини айтди. «Биз ушбу ҳужжатни ўқиб чиқиб, уни эътиборга олишимиз керак. Бироқ Олий Рада қабул қилган бу қонун Украинага тегишлидир. Бизда ўзимизнинг қонунларимизни қабул қилувчи Олий Кенгашимиз бор», — деди «Донецк халқ республикаси» бош вазир биринчи ўринбосари Андрей Пургин.
Нашрнинг ёзишича, Донбасснинг алоҳида мақоми ҳақидаги қонун ўта мураккаб муроса натижасидир. Янги қонуннинг қанчалик самарали эканлиги Донбассдаги маҳаллий сайловлардан сўнг маълум бўлади. Сайловлар йил охиригача бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)