Таниқли америкалик актёр Леонардо Ди Каприо Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим муаммолари бўйича тинчлик элчисига айланди. Бу ҳақда AFP хабарига таяниб Tengrinews.kz хабар бермоқда.
39 ёшли актёр келаси ҳафтада Нью-Йоркда БМТнинг Иқлим ўзгариши муаммолари бўйича саммитида чиқиш қилади. «Мен инсоният тарихидаги бундай муҳим паллада нутқ сўзлашни маънавий бурчим деб биламан. Бу ҳаракатлар вақтидир. Яқин йилларда бизнинг иқлим инқирозига қандай жавоб беришимиз инсоният ва сайёрамиз тақдирини белгилаб беради», – дейилади Ди Каприонинг мурожаатида. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ди Каприони «атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракатида ишончга лойиқ овоз ҳисобланади», – дея эътироф этди.
Ўтган йили Леонардо Ди Каприо Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси ҳисобига Непалда йўлбарсларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш учун 3 миллион доллар ўтказиб берган эди. 1998 йилда актёр табиатни муҳофаза қилиш фаолиятига грантлар бериш учун махсус жамғармага асос солган.
Изоҳ (0)