Майкл Жордон исмли хакер Canon Pixma принтерига Doom ўйинини ўрнатиб, ўйнаб кўрди. Бу ҳақда LookAtMe маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Жордон Contextis сайтига принтерда Doom ўйинини ўйнаётгани тасвирланган видеони жойлаган. Майклнинг сўзларига кўра, у видеони кўнгилхушлик учун тақдим этмаган, бу билан айрим Canon принтерларида хавфсизлик даржаси жуда паст эканлигини таъкидламоқчи бўлган.
Canon Pixma принтерига интернет орқали уланишда фойдаланувчидан ҳеч қандай логин ёки парол сўрамайди. Хакер эса шундан фойдаланиб принтерга уланган. У принтернинг дастурини янгилаш манзили ўрнига, Doom ўйинининг манзилини киритиб қўйган. Принтернинг ички хотираси 10 мегабайтни ташкил этади, Doom ўйинини юклаб олиб, ўрнатиш учун эса 4 мегабайт етарли бўлган. Canon принтерига ўйин нафақат ўрнатилган, балки видеода тасвирланганидек, уни ўйнаш ҳам мумкин.
Майклнинг фикрича, ҳозир камида 2 мингта Canon Pixma принтерлари интернетга уланган ва уларнинг ҳар бирида шундай муаммо бор. Агар уларга ўйин ўрнатишнинг имкони мавжуд бўлса, у ҳолда ёмонроқ бирор нарса (масалан, вирус) ўрнатса ҳам бўлади.
Хакер Canon компанияси билан боғланиб, ушбу муаммо ҳақида огоҳлантирган.
Изоҳ (0)