Ўзбекистонда мобил алоқа абонентларига спам SMS-хабарлар кела бошлади. Бу ҳақда Facebook’даги Potrebitel.uz гуруҳи аъзолари хабар берди.
SMS’да рус тилида «Салом, сенга фото» деган жумла бўлиб, унга линк илова қилинган. Гуруҳ фойдаланувчисининг ёзишича, линк очилса, телефонга автоматик тарзда дастур ўрнатилади ва қурилмага киритилган барча рақамларга шундай SMS-хабар жўнатилади. «Эҳтиёт бўлинг!», — дея огоҳликка чақирган пост муаллифи.
Хабарга илова қилинган расмда гуруҳ аъзоси Ucell абоненти эканини кўриш мумкин. Бироқ постга фикр билдирган Beeline абонентлари ҳам уларга худди шунақа SMS’лар келганини қайд этган.
Гуруҳнинг кўпчилик аъзолари пост муаллифидан SMS-спамлар ҳақида огоҳлантиргани учун миннатдор бўлиб, изоҳ қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, июль охирида Beeline қайта қўнғироқ, SMS-хабар ёки электрон хат олиш мақсадида юборилаётган ва тез такрорланаётган SMS-спам ҳолатлари ҳақида огоҳлантирган эди.
Бундай SMS келганида (масалан, «Здравствуйте, позвоните мне срочно 002454056520»), Beeline зинҳор фирибгарларга қайта қўнғироқ қилмасликни ва жавоб бермасликни, шунчаки уни ўчириб ташлашни тавсия қилган эди.
Изоҳ (0)