Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзоларидан бири Тошкентдаги янги Aveo (Т250) автомобилининг суратлари билан бўлишди.
Расмдаги муҳитдан хулоса қилиш мумкинки, ушбу автомобиль пойтахтдаги Driver’s Village автосалонига келтирилган. Суратларда Aveo’нинг ташқи кўриниши билан биргаликда, ички қисми — салони ҳам акс этган.
Постга фикр билдирганларнинг кўпчилиги янги машинанинг кўринишини ўртача деб баҳолаган. Баъзилар уни Cobalt билан, бошқалар Spark билан солиштирган. Яна кимдир эса Aveo’ни Россиянинг Lada автомобилига ўхшатган.
Кўпчилик фойдаланувчилар янги моделнинг нархи билан қизиққан. Изоҳ ёзганларнинг баъзилари унинг арзон нархда чиқарилишини тахмин қилиб, қиймати Cobalt ва Lacetti’ники сингари бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарори билан «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси вакиллари General Motors Uzbekistan Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасида янги Т250 (Chevrolet Aveo) моделидаги автомобилларни серияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришди.
Ҳужжат «Ўзавтосаноат» АКга икки ой муддатда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ҳукуматга тасдиқлаш учун тақдим этиш вазифасини юклайди.
Изоҳ (0)