Кеча бошланган Осиё ўйинларининг футбол мусобақаси «А» гуруҳи лидерларидан бўлган мезбон Жанубий Корея терма жамоаси илк турда Малайзияни 3:0 ҳисобида мағлуб этди, деб хабар берди Stadion.uz.
Ушбу гуруҳда дастлабки икки ўринни олган жамоалар кейинги босқичда Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этадиган «Б» гуруҳи ғолибларига рўбарў келади. Қуръа ташланган вақтдан бери Корея терма жамоаси-ю корейс ОАВларида тинмай таъкидланаётган гап кечаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида яна кўтарилди. Мусобақа ғолиблигини кўзлаётган корейслар имкон қадар кучли рақибларни четлаб ўтишни истамоқда.
«Биз 17 сентябрь куни асосой рақибимиз Саудия Арабистонини мағлуб этишимиз шарт, — дея сўз бошлади бош мураббий Ли Кванг Жонг. — Араблар билан ўйин ҳам худди Малайзия билан ўйиндагидек бўлиши табиий ҳол. Улар ҳам малайзияликлар каби ҳимояга ётиб олишлари эҳтимоли йўқ эмас. Биз бунга яхши чора топишимиз лозим».
Корейслар бош мураббийи Саудия Арабистонининг ҳимоя қўрғонини яксон қилишда бўйдор ҳужумчи Ким Шин Укнинг маҳоратига ишонмоқда: «Шогирдларим стандарт вазиятларда Ким Шин Укнинг бошига тўп оширишлари керак. Ишонаманки, 196 сантиметрлик Ким Шин Ук уёғини яхши эплайди. Мен ‘Б’ гуруҳида Ўзбекистон 1-ўринни олишига юз фоиз аминман. Биз узоққа боришимиз учун тўппончамиздаги ўқларни асрашимиз керак. Ўзбекистон билан рақиб тушсак, катта куч йўқотишимиз тайин».
1-турда Малайзия дарвозасини ишғол қилган ва мураббий ишонч билдираётган кей-лига тўпурари Ким Шин Ук ҳам иштаҳаси карнайлигини яширмаяпти: «Биз ЖЧдаги муваффақиятсизликдан кейин ғалабаларга ташнамиз. Биз Саудия Арабистонини бемалол енга оламиз. Бунга ишончим комил».
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея — Саудия Арабистони ўйини 17 сентябрь куни Ансандаги Wa stadium ўйингоҳида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)