Бугун, 8 сентябрь куни пойтахтимиздаги бадиий гимнастика бўйича болалар ва ўсмирлар ихтисослаштирилган Республика олимпия захираси спорт мактабида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари бошланди. 14 сентябрга қадар бўлиб ўтадиган мазкур йирик мусобақада 90 дан зиёд давлатдан мингдан ортиқ спортчи жами 24 вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боради. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Жаҳон чемпионати арафасида Бирлашган кураш усуллари федерацияси (FILA)нинг ҳисобот сайлов Конгресси бўлиб ўтди. Конгрессда ташкилотнинг номи бундан буён Бутунжаҳон кураш иттифоқи (United World Wrestling) дея юритилиши эълон қилинди.
Йиғилишда, шунингдек, UWW’нинг янги Конституцияси, Низоми, Допингга қарши регламенти каби бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, ташкилотнинг 2014—2016 йиллардаги бюджети, истиқболли режалари тасдиқланди.
Конгресс аъзолари Бутунжаҳон кураш иттифоқи раҳбарлигига Ненад Лаловични бир овоздан сайладилар. Ушбу нуфузли ташкилотнинг Бюро аъзолигига ҳамюртимиз Аҳрол Рўзиев қайта сайланди.
Бугун жаҳон чемпионатининг биринчи куни эркин кураш бўйича 57 кг, 70 кг, 86 кг, 125 кг вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини Ҳаёт Сайфуллаев (-57 кг), Жамшид Кенжаев (-61 кг), Ихтиёр Наврўзов (-65 кг), Бекзод Абдураҳмонов (-70 кг), Рашид Қурбонов (-74 кг), Умиджон Исманов (-86 кг), Умар Умаров (-97 кг), Қурбон Қурбонов (-125 кг) ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)