15 июль куни Ўзбекистонда бошланган Миллий .УЗ домени 2014 интернет-фестивали 22 сентябрда ўз ниҳоясига етади. Uzinfocom корпоратив блогида маълум қилинишича, WWW.uz сайтида турли номинациялар бўйича энг оммабоп сайтлар рейтинги ишга тушди.
Ўз йўналишида биринчи ўринни эгаллаган сайтлар Uzinfocom марказининг махсус совғалари билан тақдирланади.
Ҳозирга қадар эълон қилинган маълумотларга кўра, «Дарё» энг оммабоп интернет оммавий ахборот воситалари орасида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда «Кун», учинчи ўринда эса «Анҳор» нашри бормоқда.
WWW.uz сайтида хабар берилишича, саҳифада интернет фестивалда эълон қилинган 12 йўналиш бўйича энг кўп ташриф буюрилган сайтлар рўйхати тақдим этилган бўлиб, у сўнгги етти кунлик хост (уникал ташрифчи)ларни ҳисобга олган ҳолда тузилган.
Эслатиб ўтамиз, InfoCom-2014 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасидаги интернет-фестивал натижаларини эълон қилиш ва ғолибларни тақдирлашга бағишланган тадбир 22 сентябрь куни «Ёшлар ижод саройи»да бўлиб ўтади. Фестивал ғолиблари 10 та мавзули ва 2 та махсус йўналишлар бўйича саралаб олинади.
Изоҳ (0)