Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 3 сентябрь куни «Тошкент давлат шарқшунослик институти таркибида хитойшунослик факультетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжат замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда илғор ўқитиш услубларини жорий этиш асосида Хитой тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти соҳасида чуқур билимларга эга бўлган ва хитой тилини биладиган юқори малакали хитойшунос мутахассисларни тайёрлаш мақсадида қабул қилинди.
Президент Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Тошкент давлат шарқшунослик институти таркибида хитойшунослик факультетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.
Ҳужжатда келтирилишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, шарқшунослик институти ректорати 2014/2015 ўқув йили учун бакалавриатга қабул квоталари ҳисобидан хитой филологияси таълим йўналиши бўйича 34 талаба, жаҳон сиёсати бўйича 25 киши ҳамда мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакацҳунослик йўналиши бўйича 25 талабадан иборат ўқув гуруҳларини шакллантиради.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Тошкент давлат шарқшунослик институти билан Хитойнинг шу йўналишдаги етакчи университетлари ва институтлари ўртасида институтда ишлаш ҳамда ўқитувчилик қилиш учун таниқли мутахассислар ва хитойшунос олимларни жалб этиш, институтнинг хитойшунослик факультети талабалари ва ўқитувчиларининг стажировкаларини ташкил қилиш, биргаликдаги ўқув ва тадқиқот дастурларини амалга ошириш мақсадида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, шарқшунослик институти ҳузуридаги Конфуций Институти фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек институт фаолиятини ташкил қилиш учун грантларни жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Изоҳ (0)