2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга имзо чекди. Мазкур ҳужжат асосида, тўққизта Кодекс, 19 та Қонун ва битта Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси киритилди, деб хабар берди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.
Жиноят-процессуал кодексидаги «Эҳтиёт чораларининг турлари» деб номланган 237-моддага «уй қамоғи» ҳам қўшилиб, эҳтиёт чораларининг жами сони еттитадан саккизтага кўпайтирилди.
Уй қамоғи ҳақида маълумот бериш мақсадида Жиноят-процессуал кодексига 242-1-модда (прим бир) қўшилди.
Мазкур моддага кўра, уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ, деб топилган тақдирда қўлланилади.
Уй қамоғи гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиб, ўзи мулкдор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шунингдек, унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда бўлишидир.
Янги ўзгартиришга доир оммабоп саволлар жавоби билан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев сайтида танишишингиз мумкин.
Изоҳ (0)