Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши шанба куни Украинадаги қурол-яроғ заводларидан ускуналарни олиб чиқиб кетишга мамлакат шарқидаги ҳудудларга гуманитар ёрдам олиб келиши лозим бўлган Россия юк автомобиллари жалб этилганини айтди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, жума куни Луганскка етиб келган 220 дан зиёд гуманитар ёрдам автомобилларини Украина Миллий хавфсизлик хизмати тўғридан-тўғри бостириб кириш деб атаган эди. Москва, ўз навбатида, Украина гуманитар автоколоннанинг мамлакат ҳудудига киришига 12 августда розилик берганини қайд этди.
Шанба куни барча гуманитар юк автомобиллари Россияга қайтди. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши спикери Андрей Лисенко буни қуйидагича изоҳлади: «Биздаги тезкор маълумотларга кўра, Укаринага гуманитар колонна сифатида кириб келган юк автомобилларида руслар ‘Колчуга’ туридаги замонавий радиолокация станцияларини чиқарувчи ‘Топаз’ ишлаб чиқариш бирлашмасидан ҳамда ўқотар қуроллар учун патрон ишлаб чиқарувчи Луганск заводидан қурилмалар олиб чиқиб кетган».
Лисенко юк машиналарида Луганскка айнан қандай юк етказилгани борасида маълумотга эга эмаслигини айтди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўз навбатида, Украинанинг жануби-шарқий ҳудудлари учун мўлжалланган гуманитар ёрдам (икки минг тоннага яқин озиқ-овқат, сув, болалар учун овқат ва тиббиёт маҳсулотлари) белгиланган жойга етказилганини таъкидлади.
Изоҳ (0)