Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилаётган ўсмирлар олимпия ўйинларида ўзбекистонлик Владимир Свечников 10 метр масофадан тўппончадан ўқ отиш бўйича микст баҳсларида олтин медалга сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Болгариялик Лидия Ненчева билан баҳсга киришган ўзбекистонлик спортчи саралаш босқичида Норвегия / Франция спортчиларидан иборат жуфтликни мағлуб этиб, ярим финалда Ҳиндистон / Словения давлати вакилларини, финалда эса Сингапур / Миср дуэтини енгди.
«Албатта, айни пайтда хурсандчилигимнинг чегараси йўқ. Бугун финал мусобақалари ўтказилган жойга Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг деярли барчаси келди ва бутун жамоа бўлиб мени қўллаб-қувватлаб турди. Шу дамда мен юртдошларимнинг ҳам билвосита қўллаб-қувватлаётганликларини дилдан ҳис этиб турдим. Бу, ўз навбатида, менга қўшимча куч бағишлаб, ўзимга бўлган ишончни янада оширди. Ушбу ғалабамни тобора яқинлашиб келаётган Истиқлолнинг 23 йиллик байрамига бағишлайман», — дейди Владимир Свечников.
Айни дамда Ўзбекистон делегацияси битта олтин ва иккита бронза медални қўлга киритган ҳолда умумжамоа (норасмий) ҳисобда 27-ўринда бормоқда. Ўзбекистон медаль қўлга киритиш борасида Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринда бормоқда.
Изоҳ (0)