«Аш Шабоб» ва Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаровнинг Осиё ўйинларида иштирок этиши сўроқ остида турибди. Ҳайдаровнинг агенти Санъат Шарипов томонидан хабар қилинишича, «Аш Шабоб» футболчини терма жамоага қўйиб юборишни истамаяпти. Бу ҳақда Uff.uz хабар берди.
«Азиз Ҳайдаров Осиё ўйинларида қатнашмайди. ‘Аш Шабоб’ мавсум бошида беш бора кетма-кет принципиал рақибларга қарши ўйнаши сабабли клуб Азизни қўйиб юбормаслигини таъкидлади.
Клубнинг янги бош мураббийи Азиз Ҳайдаров сардор сифатида жамоага ёрдам бериши лозимлигини айтган. Осиё ўйинлари ФИФА тақвимига мос келмаслиги сабабли, араблар Азиз Ҳайдаровни терма жамоа ихтиёрига қўйиб юбормаслик ҳуқуқига эга.
Азиз Ҳайдаровнинг ўзи Ўзбекистон терма жамоаси сафида Жанубий Кореядаги мусобақага боришни жуда ҳам истамоқда. Аммо ҳозирги вазиятда клуб раҳбарияти қарорига бўйсунишга мажбур. Ким билади дейсиз, балки вазият ўзгарар?» — дейди Санъат Шарипов твиттердаги саҳифаси орқали.
Маълумот учун, Миржалол Қосимов Ўзбекистон терма жамоаси таркибида уч нафар ёши 23 дан катта футболчилар рўйхатини Ислом Тўхтахўжаев, Азиз Ҳайдаров ва Сервер Жепаровлар билан тўлдиришни режалаштирган эди.
Изоҳ (0)