Вин Дизель Ice Bucket Challenge («Бир челак муздек сув синови») дунё хайрия онлайн-флэшмобида иштирок этди. Актёр Россия президенти Владимир Путин, АҚШ биринчи хоними Мишель Обама ва актриса Анжелина Жолига чақириқ йўллади.
Вин Дизелнинг чақириғи муҳрланган видеолавҳа унинг Instagram-аккаунтига жойланди.
Таъкидлаш жоиз, унда Вин Дизель совуқ сувни устидан қуймаган, шунчаки муз бўлакларини бошидан сочиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу акцияга кўра машҳур инсонлар ўз устидан муздек сув қуйиб, дўстларига шундай қилишни ёки хайрия жамғармасига пул ўтказишни таклиф қилиши лозим. Ҳозирга қадар Facebook асосчиси Марк Цукерберг, Microsoft асосчиси Билл Гейтс ҳамда Apple компаниясининг раҳбари Тим Кук, футболчилардан Роналду ва Дани Альвеснинг тадбир иштирокчиларига айланганини маълум қилган эдик.
Хайриядан тушадиган маблағ амиотрофик склероз — Лу Гериг касаллигига чалинганларга сарфланади. Бу касаллик одамнинг бош мия тизимига таъсир қилиб, кейинчалик фалажликка олиб келиши мумкин.
Вин Дизель эстафетанинг давлат раҳбарини совуқ сувда чўмилишга даъват этган биринчи иштирокчиси эмас. Аввалроқ Жастин Бибер вазифани бажариб, Барак Обамага чақириқ йўллаган эди, бироқ АҚШ президенти унга жавоб берганича йўқ.
Изоҳ (0)