Донецк айирмачилари Луганск вилоятидаги Хряшчеватое қишлоғи қочоқларига уюштирилган отишмага дахли йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.
Киев ҳукумати аввалроқ автомобилларга «Град» тизимлари орқали ҳужум қилинганини айтган эди. Ҳужум натижасида ўнлаб киши ҳалок бўлган, айримлар автомобилларда ёниб кетган эди.
«Донецк халқ республикаси» аъзолари уларда «Град» тизимили қурол йўқлигини таъкидлаб, содир бўлган воқеада Украина армиясини айблади.
Украина Президенти Пётр Порошенко «Ёлланганлар ва террорчилар — бу шаҳарларнинг вақтинчалик аҳолиси. Уларни мазкур шаҳарлар билан ҳеч нима боғлаб турмайди. Аҳвол қанчалик ёмон бўлса, улар учун шунчалик яхши. Ишончим комилки, ҳужумга айнан жангарилар ва уларнинг хорижлик ҳимоячилари жавобгар», — деб қайд этди.
Ўз навбатида, Донецк айирмачилари Украина армиясини тинч аҳолига нисбатан қуролнинг тақиқланган турларини, жумладан, Дмитриевка қишлоғи ва Моспино шаҳрида фосфор ва кассетали бомба ишлатганликда айблади.
Изоҳ (0)