Европа Иттифоқи Украина шарқидаги вазият барқарорлашиши билан Россияга киритган санкцияларини бекор қилиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда Евроиттифоқнинг Москвадаги элчиси Вигаудас Ушацкаснинг ахборотига таяниб, «Сегодня» хабар бермоқда.
Элчи чораларнинг бир қисми Қримнинг ноқонуний эгаллаб олиниши билан боғлиқ бўлишига қарамай, вазият барқарорлашса, санкцияларни бекор қилиш ҳақида ўйлаб кўрилишини айтди. «Биз шундай давом этиб, янги санкция киритишни истамаймиз. Яқин кунларда Россиянинг Украина давлати ва халқаро ҳуқуққа бўлган ҳурматини кўрсатиши ҳамда халқаро нормаларга мувофиқ равишда гуманитар ёрдам беришига умид қиламиз», — деди Вигаудас Ушацкас.
Шунингдек, у Президент Путиннинг Украинадаги можарони тезроқ ҳал қилиш учун барча керакли ишларни амалга оширишини айтганини ёдга солиб, бу сўзларнинг «аниқ ҳаракатларга айланишига умид қилаётган»ини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Россияга қарши икки босқичли санкцияларни жорий қилган эди. Унга кўра, қора рўйхатдан Владимир Путинга яқин бўлган шахслар, Россиянинг бир неча банк ва компаниялари жой олган. Мазкур чора-тадбирлар РФ иқтисодиётининг пасайишига сабаб бўлиб, ҳозирда у бир қатор россияликларга ўз таъсирини ўтказмоқда.
Изоҳ (0)