Япониянинг етакчи олимларидан бири, тана ҳужайралари бўйича мунозарали ишлар муаллифдоши, 52 ёшли Йошики Сасаи ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда The Wall Street Journal япон полициясига таяниб хабар берди. Тадқиқотчи ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди.
Физикавий-кимёвий тадқиқотлар институти Биологик тадқиқот маркази директори ўринбосари лавозимида ишлаган Йошики Сасаи нордон муҳит орқали тана ҳужайраларини етиштириш усулининг муаллифдошларидан бири бўлган.
Ушбу тадқиқот ҳақидаги мақола оммага эълон қилингач, кўплаб мунозара ва танқидларга учради. Институт изланиш натижаларини синовдан ўтказиш учун бошқа илмий муассасалар тадқиқотчиларини мустақил эксперт сифатида жалб қилди. Улар нашр этилган материалларда расмларнинг бузиб талқин қилингани ва битта суратдан бир неча марта фойдаланилганини аниқлади.
Натижада Сасаи ва унинг жамоасини, уларга қўшиб, марказ раҳбариятини ҳам жазолашни талаб эта бошлашди. Мақолани чоп этган Nature журнали унда ноаниқ маълумотлар борлигини пеш қилиб, ишни қайтариб олди.
Танқидларга қарамай, олимлар расмлар бўйича хатоликлар бўлса-да, тана ҳужайраларининг ўзлари исботлаган йўл орқали олиниши факти ўзгармаслигини таъкидлай бошлади.
Йошики Сасаи жасади 5 август куни тонгда соқчилар томонидан топилган. У Биологик тадқиқот маркази биносида ўзини осган. Ҳодиса жойида ўлим олдидан ёзилган мактублар топилди. Унда олим ушбу тадқиқот учун уят ва афсусда эканини ёзиб, кечирим сўраган.
Изоҳ (0)