Ўзбекистон олий таълим муассаса (ОТМ)ларида бир йиллик ўқиш қиймати ошди. Бу ҳақдаги тегишли ҳужжат Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтида эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Кун».
Унга кўра, 2014/2015 ўқув йилида бакалавриатдаги энг қиммат таълим йўналишлари халқаро муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар ҳамда ҳуқуқ бўлиб қолган — уларда бир йиллик ўқиш пули 7,45 миллион сўм этиб белгиланган.
Бакалавриат йўналишидаги энг арзон таълим йўналишлари эса ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва педагогик фанлар, гуманитар фанлар, ҳаёт ҳақидаги фанлар, табиий фанлар, математика ва статистика, амалий математика ва информатика, ижтимоий ва ахлоқий фанлар, муҳандислик ва муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари, қишлоқ ва сув хўжалиги, ижтимоий таъминот, спорт фаолияти ҳамда атроф муҳит муҳофазаси, ҳаётий фаолият хавфсизлиги бўлиб, ушбу йўналишларда бир йиллик таълим нархи 5,05 миллион сўмни ташкил этди.
Магистратура йўналишида ҳам нарх қимматлиги ва арзонлиги бўйича таълим йўналишлари деярли ўзгармаган. Хусусан, халқаро муносабатлар ва ҳуқуқ соҳасида магистр бўлмоқчи бўлган талабалар 2014/2015 ўқув йилида 8,19 миллион сўм миқдорида контракт пули тўласа, энг арзон таълим йўналишларида ушбу қиймат 5,48 миллион сўмга тенг.
Қайд этиш жоиз, иккинчи таълим йўналишидаги нархлар магистратура нархлари билан бир хил.
Барча таълим йўналишларида белгиланган контракт суммалари билан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев сайтида танишишингиз мумкин.
Изоҳ (0)