Шимолий Корея аёллари ўртасида баланд пошна кийиш урфга кириб, таги текис оёқ кийимларни харид қилиш камайиб бормоқда. Бу ҳақда Choson Sinbo газетасига таяниб, The Guardian хабар берди.
Маълум бўлишича, баланд пошна кийишни урфга КХДР етакчисининг турмуш ўртоғи, «Моранбон» аёллар ансамбли қатнашчиси Ли Сол Чжу олиб кирган.
1-сонли Пхенян универмаги ходимларининг айтишича, сўнгги вақтларда шимолий кореялик аёллар кўпроқ баланд пошна ва важоҳатли платформа сотиб олмоқда.
«Аёллар баландлиги беш сантиметрдан паст бўлган оёқ кийимларни рад этмоқда», — дейди пояфзал ишлаб чиқарувчи Potonggang Shoe Factory компаниясининг иш юритувчиси Ри Ми Ок. Компаниянинг таъкидлашича, ҳаттоки эркаклар, айниқса, ёш йигитлар ҳам баланд пошнали учли оёқ кийимларни маъқул кўрмоқда. Бундай турдаги оёқ кийимларни мамлакатнинг собиқ раҳбари Ким Чен Ир ўзининг паст бўйини беркитиш учун кияр эди.
Айрим кишилар бундай урф социализмга тўғри келмаслигини таъкидламоқда. Бироқ аёллар баланд пошнани «ҳатто мамлакат раҳбарининг турмуш ўртоғи ҳам кияётгани»ни айтиб, айбловларни рад этмоқда.
Изоҳ (0)