The New York Times газетаси тарихда биринчи марта марихуана истеъмол қилишга чақирувчи рекламани чоп этди, дея хабар берди Interfax.
Реклама нашрнинг 3 август, якшанба кунги сонидаги бутун бир саҳифани эгаллади. Уни Leafly.com сайти эгаси Privateer Holdings компанияси жойлаштирди. Ушбу сайтда марихуананинг турли навлари шарҳланади, шунингдек, уни қандай ўстириш ва қаерда қонуний равишда сотиб олиш ҳақида маълумот берилади.
Газетадаги рекламада югуриб кетаётган қиз ва уй эшиги ёнида турган эркак ифодаланган. Қаҳрамонларнинг ёнидаги катакчаларда улар ўз касалликлари аломатларини енгиллаштириш учун марихуананинг қайси навини афзал кўришлари қайд этилган.
Нашрнинг эслатишича, июль ойи бошида Нью-Йорк штати губернатори марихуанадан тиббий мақсадларда фойдаланишга рухсат берувчи қонунни имзолаган эди. Бундай қонун яна 22 штатда амал қилади. АҚШнинг фақат икки штати — Колорадо ва Вашингтонда марихуана вояга етганлар томонидан тиббий кўрсатмасиз истеъмол қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)