Мадонна Instagram’га танасига Довуд юлдузи ҳамда ислом динининг ярим ойи ва юлдузи туширилган икки нафар раққос билан тушган сурати, шунингдек, Ғазо секторида тинчлик ўрнатилишига чорлов руҳида киритилган изоҳи учун кескин танқидга учради. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
55 ёшли қўшиқчи расмларга «Ажратиш йўқ! Барчамизнинг қонимиз бир рангда» дея изоҳ қолдирди. Қисқа муддат ичида расмни кўрган Исроил ва Фаластин тарафдорлари ўртасида изоҳлар жанги бошланиб кетди.
Айрим фойдаланувчилар Исроилни қўллаш террорга қарши кураш эканлигини қайд этган бўлса, яна айримлари қўшиқчининг ақлий салоҳиятига шубҳа билдириб, унга салбий тилаклар билдирди. Уларнинг орасида Мадоннани террорчиликда айблаганлар ҳам учради.
Шунга қарамай, сурат 60 минг атрофида «лайк» тўплади.
Бундан аввалроқ ҳам қўшиқчи Instagram’га Яқин Шарқдаги нотинч вазиятдан норозилигини билдирган ҳолда бир қанча расм жойлаган ва одамларнинг турли танқидига учраган. Хусусан, 30 июль куни Мадонна Исроил — Фаластин можаросига бағишланган расм жойлаган эди. Унда араб ва яҳудий тилларида «Тинчлик» деб ёзилган сўз атрофида кабутар учиб юргани ўз аксини топган.
Ўтган ҳафта Мадонна ўзининг сиёсий бетарафлигини эълон қилишга мажбур бўлди. Норози қиёфада тушган суратига қўшиқчи «Мен ҲАМАСни қўлламайман! Мен инсон қадр-қиммати ва ҳурматини қўллайман. Мен баҳам кўришни қувватлайман! Мен тинчлик тарафдориман!» дея изоҳ қолдирди.
Изоҳ (0)