Янгийўл — Тошкент трассасида Nexia русумидаги автомобилга CАМC юк машинаси келиб урилди. Натижада енгил машинага жиддий зарар етиб, қайта тиклаб бўлмайдиган ҳолатга келди. Бу ҳақда Facebook фойдаланувчисининг «Водители Ташкента» («Тошкент ҳайдовчилари») гуруҳига жойлаган суратлари гувоҳлик бермоқда.
Муаллифнинг изоҳ беришича, таксичилик қилаётган Nexia мижоз олиш учун трассада кескин тўхтаган, орқада каттагина тезликда келаётган юк машинаси эса тўғри унга бориб урилган. Натижада Nexia бир бўлак темир-терсакка айланганини ва йўл четидаги сим деворгача отилиб кетганини кўриш мумкин. CАМC эса авария натижасида олд ўнг фараси ва ундан пастки қисмидан ажралган.
Фойдаланувчи изоҳларда автоҳалокатда ҳеч ким шикастланмаганини қайд этган.
Постга билдирилган фикрларда гуруҳ аъзолари бир овоздан юк машинасининг ушбу ҳолатда айбсиз эканини таъкидлаган. Уларнинг бир қисми ноқулай жойда такси ушламоқчи бўлган йўловчини қоралаган бўлса, қолганлар катта трассада кескин тўхтаган таксичини ҳалокат айбдори деб топган.
Изоҳ (0)