Украина ҳукумати Россиянинг Ростов вилоятини ўққа тутганини инкор этмоқда. Бир нафар россияликнинг ҳалокатида Киев Украина ҳудудида фаолият олиб бораётган россияпараст қуролли жангариларни айблади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Украина ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши вакиллари якшанба куни мана шундай баёнот билан чиқишди.
«Террорчиларнинг ўзлари провокациялар уюштириб, жумладан Россия ҳудудига ҳам ҳужум қилиб, сўнгра бунда Украина кучларини айблаганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин», — деди Украина МХМК вакили Андрей Лисенко.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Ростов вилоятидаги отишмалар натижасида бир нафар Россия фуқароси ҳалок бўлиб, яна икки киши жиддий жароҳатлангани, турар жой биносига эса Украина ҳудудидан отилган фугас снаряди келиб тушгани ҳақида хабар берилган эди.
Россия тергов қўмитаси ушбу ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғади, ташқи ишлар вазирлиги эса Киевни жавоб чоралари ҳақида огоҳлантирди.
Изоҳ (0)