КХДР ҳукумати мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Пхунгери полигонида олиб борилаётган фаолиятни тўхтатиб, у ердаги барча ускуналарни олиб ташлади. Бу ҳақда Сеулнинг «Хангук ильбо» нашрига таяниб ИТАР-ТАСС хабар берди.
Жанубий кореяликлар полигон ҳудудида ўтган ҳафтадан бери ҳеч қандай фаолият олиб борилмаётганини айтди. Бироқ Сеул КХДРнинг бу қарори нимадан дарак бераётгани ҳақида аниқ бир хулосага келмади.
Тахминларга кўра, бу АҚШ ва Корея Республикаси кутаётган ижобий белги ёки ёмғир мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ўпирилишлардан жиҳоз ва ишчиларни сақлаш ниятида амалга оширилган ҳаракат бўлиши мумкин.
Бундан аввал Жанубий Корея ҳукумати Пхунгери полигонида навбатдаги синовлар учун барча жиҳозлар тайёр экани ва улар исталган вақт ўтказилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, шу кунгача Пхунгерида ерости ядро қуроллари уч бор синовдан ўтказилган.
Изоҳ (0)