Бирлашган Араб Амирликларида Осиё ва Африкада ичимлик суви етишмовчилигидан азият чекаётган беш миллион одамга ёрдам кўрсатиш бўйича хайрия кампанияси бошланди, дея хабар беради «Кун» Agence France-Presse ахборот агентлигининг маълумотига асосланиб.
Кампания 28 июнь, шанба куни старт олган бўлиб, ҳозиргача асосан етакчи компаниялар ёрдами билан 33,5 миллион дирҳам (9,1 миллион доллар ва 6,7 миллион евро) тўпланган. Хайрия мақсадида пул йиғиш кампанияси 17 июлга қадар давом этади ва БАА ҳукумати бошқа ширкатларни ҳам унда фаол иштирок этишга чақирмоқда.
Ушбу хайрия кампанияси мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган бўлиб, ушбу ойда хайр-еҳсон қилиш энг мақбул ишлардан бири ҳисобланади.
Khaleej Times’нинг ёзишича, БАА Қизил Яримой жамияти ўн мамлакатда, хусусан, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Нигер, Сомали, Гана, Судан, Индонезия, Того ва Ироқда ичимлик суви қудуқларини қазишни бошлаган.
Расмий статистик маълумотларга кўра, нефтга бой БАА давлати 2009—2013 йиллар давомида жаҳоннинг 61 мамлакатидаги ичимлик суви муаммоларини бартараф этишга ёрдам сифатида 1,014 миллиард дирҳам ажратган.
Изоҳ (0)