Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Қуёшли» болалар дам олиш масканида иқтидорли ўқувчиларнинг «Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи» биринчи навбатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.
Оромгоҳда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган билимлар беллашувида ғолиб бўлган 520 нафар ёш ўғил-қиз босқичма-босқич соғломлаштирилади.
– Мамлакатимиз миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилардан 300 нафари «Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида бепул йўлланма билан оромгоҳимизда ҳордиқ чиқармоқда, – дейди оромгоҳ раҳбари Йўлчибой Раҳимжонов. – Кутубхона, маънавият ва компьютер хоналари, хореография ва мусиқа заллари, сузиш ҳавзалари, теннис, волейбол, футбол майдончалари дам олувчилар ихтиёрида.
Бу йилги ёзги дам олиш мавсумида мамлакатдаги 1 минг 85 болалар дам олиш масканида қарийб 281 минг нафар ўғил-қизнинг мароқли ҳордиқ чиқариши кўзда тутилган. Мавсумнинг илк навбатида юз мингдан зиёд ўқувчи мароқли дам олиб, саломатлигини тиклади.
Изоҳ (0)